Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг I чораги якунларига кўра, Ўзбекистонга кириб келган халқаро пул ўтказмалари ҳажми ўсиш тенденциясини сақлаб қолиб, 3,8 миллиард долларни ташкил этди. Марказий банкнинг меҳнат бозори бўйича эълон қилган янги ҳисоботида қайд этилишича, пул тушумларининг умумий миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўпайган бўлса-да, маблағлар таркибида ва меҳнат миграцияси йўналишларида Россия Федерациясининг улуши сезиларли даражада қисқарган.
Хориждан келаётган маблағлар ҳамда ишчи кучи оқимининг бошқа ривожланган давлатлар ҳисобига диверсификация қилиниши тизимли равишда давом этмоқда. Регулятор таҳлилларига кўра, Россиядан келиб тушган пул ўтказмаларининг умумий ҳажмдаги улуши ўтган йилги 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайган. Бу ҳолат йил бошидан буён меҳнат муҳожирлари учун патент тўловларининг ошгани, рубль курсининг нисбатан қадрсизлангани ҳамда ўзбекистонликларнинг бошқа хорижий давлатларга ишга жойлашиш кўрсаткичлари ортгани билан изоҳланмоқда.
Айни пайтда бошқа мамлакатларнинг улуши мос равишда юқорилаган бўлиб, Қозоғистон ва Жанубий Кореянинг улуши 4,1 фоизга, Европа давлатлари улуши эса 3,3 фоизга етган. Қолган бошқа давлатлар ҳиссаси эса умумий кўрсаткичнинг 16,2 фоизини ташкил этмоқда.
Миграция оқимидаги ўзгаришлар бевосита фуқароларнинг бандлик географиясида ҳам акс этмоқда. Жорий чоракда Россияда патент асосида меҳнат қилган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,34 миллион нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давриga нисбатан 1,8 фоизга камайган. Бунинг фонида Туркияда расмий рухсатнома асосида бўлиб турган ватандошларимиз сони 14 фоизга ошиб, қарийб 70 минг нафарга етган, Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар сони эса барқарор ўсиш билан 99,6 минг нафарни ташкил этган.
Умумий ҳисобда аҳолининг ҳаракатчанлиги юқорилигича қолмоқда; йилнинг дастлабки уч ойида хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони 11,6 фоизга кўпайиб, 1,63 миллион нафарга етган бўлса, ҳаво транспорти йўловчилари сони 32 фоизлик ўсиш билан 2,25 миллион нафардан ошган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми рекорд даражадаги 18,9 миллиард долларга етганди - бу 2024 йилга нисбатан 27,2 фоизга кўпдир.

Изоҳлар мавжуд емас