Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган "Наврўз" маданият ва истироҳат боғига тегишли қарийб 3,2 гектар ер майдони ва кўчмас мулклар 660 миллиард сўмдан ортиқ бошланғич баҳода электрон аукционга чиқарилди.
Ҳукуматнинг янги хусусийлаштириш дастури доирасида Шароф Рашидов кўчаси, Матонат маҳалласида жойлашган ушбу ҳудуд иккита алоҳида лотда сотувга қўйилган:
-
1-лот: 2 гектарлик нотурар объект — бошланғич баҳоси 436,3 миллиард сўм;
-
2-лот: 1,2 гектарлик объект — бошланғич баҳоси 223,9 миллиард сўм.
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган ушбу савдога Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси расман муносабат билдириб, яшил ҳудудларнинг сотилиши ва улар ўрнида қурилишлар (жумладан, автотураргоҳлар) ташкил этилишига кескин қарши чиқди.
"Шаҳар марказидаги мавжуд яшил ҳудудларнинг қисқариши, аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган жамоат жойлари ўрнида конструктив қурилишлар бўлиши мутлақо мақсадга мувофиқ эмас", — дейилади Миллий қўмита баёнотида.
Шунингдек, назорат органи Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 февралдаги 83-сон қарорини эслатиб ўтган. Унга кўра, ушбу ҳудуддаги 1,6 гектар майдонда айнан жамоат парки барпо этилиши белгиланган.
Қўмита жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳукумат қарори ижросини таъминлаш учун ушбу майдонни фақат белгиланган мақсадда — яшил парк сифатида сақлаб қолиш шартлигини таъкидламоқда.
Бундан олдин ҳам "Анҳор" ва "Наврўз" истироҳат боғлари бузилиб, уларнинг ўрнида кўп қаватли турар жойлар ва меҳмонхона мажмуаси қурилиши учун берилиши ҳақидаги хабарлар кўплаб эътирозларга сабаб бўлганди. Бироқ кейинчалик расмий ташкилотлар бу хабарни инкор этган эди. Ўшанда одамлар боғни сақлаб қолиш учун имзо йиғишганди.

Изоҳлар мавжуд емас