Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида беш ёшли болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Болалар омбудсмани матбуот хизмати Batafsil.uz мухбирига ушбу ҳолатни тасдиқлади. Идора маълумотларига кўра, иш бўйича гумонланувчи аллақачон ушланган ва қамоққа олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (“Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Шу куни гумонланувчи процессуал тартибда ушланган, шундан сўнг суд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил идораси вазиятни назоратга олиб, жабрланган вояга етмаган боланинг қонуний манфаатлари таъминланишини кузатиб бормоқда.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Россияда мактаб ўқувчиси билан жинсий ёзишмаларда ва у билан учрашишга уринганликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган эди.
Изоҳлар мавжуд емас