Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ҳукуматдаги манбага ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, 19-20 февраль кунлари Ўзбекистонда дунёдаги энг йирик авиафорумлардан бирини ўтказиш режалаштирилган.
Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, ушбу тадбир ривожланишининг янги босқичида бўлган Ўзбекистон авиация соҳаси учун жуда муҳим воқеа бўлади.
Манба шуни маълум қилдики: "Бугунги кунда форумга бозорнинг етакчи иштирокчиларини таклиф қилдик, уларнинг аксарияти жавоб беришди ва ўринларини банд қилиб қўйишди. Ишонч билан айтиш мумкинки, кўплаб йирик халқаро компаниялар бизда мавжуд бозор, аэропортлар ва таклиф этилаётган хизматлар ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришади. Бунинг натижасида логистикани яхшилаш, йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш ва янги авиаташувчилар, жумладан лоукостерлар келиши ҳисобидан авиачипталар нархини пасайтириш имкони пайдо бўлади».
Шунингдек унинг таъкидлашича, Ўзбекистон томони ушбу тадбирдан сўнг қатор лоукостер ва авиакомпаниялар Ўзбекистонга парвозларни амалга оширишга қизиқиш билдириши ва операторлар мамлакат аэропортларини ўз бошқарувчига олишига умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 2020 йил 1 январдан бошлаб чартер рейсларини амалга оширувчи авиакомпаниялар учун компенсация тизими жорий этилди. Ҳар-бир жалб қилинган чет эллик сайёҳ учун компенсация миқдори мавсумга қараб ўзгариб туради. Иссиқ мавсумда тўлов миқдори 20 долларни, совуқ ойларда эса (20 ноябрдан 20 февралгача) 50 долларни ташкил қилади.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Қарши, Нукус ва Термиз аэропортларида "бешинчи ҳаво эркинлиги"дан фойдаланган ҳолда "очиқ осмон" режими, Бухоро аэропортида эса хорижий фуқароларни ташишда “бешинчи ҳаво эркинлиги” қўлланила бошланди.
"Очиқ осмон" режими хорижий авиакомпанияларга аэропортга халқаро рейсларни парвозлар сонидан қатъий назар чекловларсиз амалга ошириш имконини беради. Энг камтар тахминларга кўра, бундай режимнинг жорий қилиниши натижасида йўловчилар оқимини 25-30 фоизга ошириш мумкин бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас