Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятидан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси дастури доирасида Беларуснинг Витебск вилоятига ишлашга юборилган бир гуруҳ ўзбекистонлик ишчилар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга видеомурожаат йўллаб, оғир яшаш шароити ва паст маошдан шикоят қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода соатбай меҳнат қилаётган фуқаролар ўзлари жойлаштирилган ётоқхоналарнинг абгор аҳволда эканини, идиш-товоқ ва жиҳозларнинг эскилигини кўрсатиб, ваъда қилинган маош берилмаётганини баён қилишган.
Ишчиларнинг сўзларига кўра, иш берувчи уларга максимал маош 500 доллардан ошмаслигини, ушбу пулдан яшаш, еб-ичиш ва кундалик рўзғор харажатларини ўзлари қоплашлари кераклигини маълум қилган.
"Агар бу пул 200 доллардан ейиш-ичишга, яна 100 доллари кундалик эҳтиёжларга кетса, қўлимизда бор-йўғи 200 доллар пул қолади. Бу ерда сарсон бўлиб вақт ўтказгандан кўра, бизни Ўзбекистонга қайтариб юборишсин, ўз юртимизда бундан кўпроқ пул топамиз", дея таъкидлаган мигрантлар.
Ушбу ҳолат Беларус Президенти Александр Лукашенко Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан учрашиб, вилоятдан яна 5 минг ишчини Беларуснинг жанубий-шарқий ҳудудларига жалб қилишга чақирган маҳалда юзага чиққан.
Ҳозиргача Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки Андижон вилояти ҳокимлиги расмий вакиллари томонидан мазкур мурожаат юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас