Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида Ёшлар кунига бағишланган ёшлар лойиҳалари кўргазмаси бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик ёшларнинг ишланмалари билан танишди, ташаббускорлар билан суҳбатлашди ва бир қатор истиқболли ғояларни қўллаб-қувватлади.
Фарғона тумани "Обод" маҳалласи ёшлар етакчиси Исломбек Муҳаммаджоновнинг лойиҳаси бунга ёрқин мисолдир. У ташкил этган "Обод таълим" таълим маркази 600 нафардан зиёд ёшларга замонавий касб-ҳунар ва хорижий тилларни эгаллашга кўмаклашди. Германиянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик туфайли марказ халқаро бозорга чиқди, маҳалла ёшлар ишсизлиги ва жиноятчиликдан холи ҳудудга айланди.
Президент "яшил" технологиялар, ижтимоий ташаббуслар ва экологик стартаплар соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқаётган Green University магистранти Гулирано Мамированинг экологик ташаббусларига алоҳида эътибор қаратди.
Рангтасвир танловининг "Энг оригинал ғоя" номинацияси ғолиби Одинахон Маъмуржонованинг ижодий ютуқлари, шунингдек, Чинора Ғуломованинг уйда таълим олаётган болаларга мўлжалланган "Ўқи ва ривожлан" лойиҳаси юқори баҳоланди. Президент инклюзив муҳитни ривожлантиришга хизмат қиладиган бундай ташаббусларни тизимли қўллаб-қувватлашни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Стартаплар кўргазмасида халқаро миқёсда тан олинган ёш тадбиркорларнинг ишланмалари намойиш этилди. Президент мактаби битирувчиси ва Чикаго университети талабаси Асилбек Ашуров сунъий интеллект ёрдамида SAT ва AP имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун яратган Makon АI платформаси ҳақида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, стартап аллақачон АҚШ, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан 100 мингдан ортиқ мижозлар ва инвесторлардан 380 минг доллар сармоя жалб қилган, лойиҳа қиймати эса 3 миллион долларга етган.
Шунингдек, Президент нуфузли Y Combinator глобал акселераторида Ўзбекистоннинг биринчи вакили бўлган Сардорбек Раҳматуллоевнинг ютуқларини қайд этди. Ёш тадбиркор АҚШда стартапга асос солган ва Мета Superintelligence компаниясида иш тажрибасига эришган. Давлат раҳбари инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашиш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Муҳандислик ишланмалари тақдимоти чоғида Тошкентдаги Турин политехника университети талабаси ва дрон пойгаси бўйича мамлакат чемпиони Билолиддин Исмоилов маҳаллий дронларга қарши тизимларни ишлаб чиқишда иштирок этгани ҳақида гапирди.
Президент Нукус давлат техника университети талабаси Айзада Асанованинг янги авлод автомобилларига бағишланган лойиҳасини юқори баҳолаб, бундай ишланмаларни иқтисодиётнинг турли тармоқларига жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Маданият ва маърифат соҳасида ёш санъаткорларнинг ютуқлари ҳамда китобхонликни оммалаштириш бўйича рақамли лойиҳалар тақдим этилди. "Мутолаа" лойиҳаси раҳбари Сирожиддин Олимовнинг айтишича, у яратган мобил илова қарийб 5 миллион марта юклаб олинган, фойдаланувчилар у орқали 18 миллиондан ортиқ китоб ўқиган.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Нилуфар Эргашева адабий туризмни ривожлантириш учун Ўзбекистоннинг адабий харитасини яратиш, шунингдек, "Бурҳониддин Марғиноний" илмий-маърифий ва сайёҳлик мажмуасида кенг кўламли шеърий, мусиқий ва адабий тадбирларни ўтказишни таклиф қилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев ёшлар томонидан тақдим этилган истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, истеъдод ва инновацияларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Куни кеча Ўзбекистон президенти ёш авлоднинг фаол, ташаббускор ва иқтидорли вакилларини "Келажак бунёдкори" медали билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Изоҳлар мавжуд емас