Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири соҳа ходимлари ва аҳолига тизимда коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган расмий мурожаат билан чиқди. Вазир ўз нутқида беш ой давомида 979 та йирик миқдордаги молиявий камчиликлар аниқланганини маълум қилди.
Мурожаатда таъкидланишича, Президентнинг 2026 йил 5 майдаги тегишли фармонига мувофиқ вазирлик тузилмаси тубдан қайта ташкил этилмоқда ва марказий аппарат янгича фикрлайдиган малакали кадрлар билан тўлдирилмоқда. Тизим тарихида илк бор коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими таъсис этилган. Шунингдек, рақамли технологиялар ёрдамида олиб борилган назорат натижасида йилнинг ўтган беш ойи давомида masofaaviaudit.uz тизими орқали 514,9 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар барвақт аниқланиб, бартараф этилган.
Бундан ташқари, аҳолини энг кўп қийнаётган соҳалардан бири — туғруқ муассасаларидаги тамагирликка қарши кескин чоралар кўрила бошланган. Хусусан, ҳомиладорлар ва уларнинг яқинларидан "суюнчи" пули ёки кесарча кесиш амалиёти учун ноқонуний ҳақ талаб қилинишининг олдини олиш мақсадида барча туғруқ комплексларида "Сирли мижоз" тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилган. Кўрилган тезкор чоралар туфайли Соғлиқни сақлаш вазирлиги Очиқлик индексида 60 поғона юқорилаб, илк бор "яшил" даражага кўтарилган.
Вазирлик бу билан тўхтаб қолмоқчи эмас. Бугун, 1 июлдан бошлаб тизимда "Рақамли комплаенс" ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади ва коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлаш учун сунъий интеллект технологиялари жорий этилади. Кадрларни янгилаш ва тозалаш сиёсати тез орада барча ҳудудий бошқармалар, туман тиббиёт бирлашмалари ва шифохоналарни қамраб олади.
Мурожаат якунида вазир барча тиббиёт ходимлари ва юртдошларимизни ушбу иллатга қарши биргаликда курашишга чақирган. Агар фуқаролар тизимда бирор-бир коррупциявий ҳолат, манфаатлар тўқнашуви ёки ноқонуний тўлов талаб қилинишига дуч келсалар, вазирликнинг "1203" қисқа рақамли "Ишонч телефони" ёки info@ssv.uz электрон почтаси орқали хабар беришлари сўралган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида Ўзбекнефтгаз бошқарув раиси Абдуғани Сангинов ҳам нефть базалари фаолиятидаги тизимли муаммолар ва улкан қарздорлик сабабли соҳада "фавқуллода ҳолат" эълон қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас