Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси 2027 йилнинг 1 январидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) раислик қилишни ўз зиммасига олади ва шу муносабат билан ташкилот Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитига Бухоро шаҳри мезбонлик қилади.
Раисликни топшириш тўғрисидаги қарор Туркманистонда бўлиб ўтган МДҲ етакчиларининг учрашувида эълон қилинган.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Ҳамдўстликнинг янги раиси Ўзбекистон бўлишини, Туркманистон ва Озарбайжон эса ҳамраис мақомини олишини маълум қилган.
МДҲ бош котиби Сергей Лебедевнинг аниқлик киритишича, анъанага кўра раисликни қабул қилувчи мамлакатда ўтказилувчи навбатдаги саммит 2027 йилнинг 8–9 октябрь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 2026 йилда МДҲга Туркманистон раислик қилмоқда ва навбатдаги саммит Туркманбоши шаҳридаги "Аваза" туристик зонасида бўлиб ўтган. Унда Ҳамдўстлик мамлакатлари етакчилари билан бир қаторда, ушбу форматдаги учрашувда илк бор иштирок этган Эрон президенти Масъуд Пезешкиан ҳам қатнашган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисида битим имзоланганди.

Изоҳлар мавжуд емас