Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисида битим имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ўртасидаги учрашув якунида имзоланди.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедовни Туркманистон мустақиллигининг 35 йиллиги, шунингдек, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги самарали раислиги билан табриклади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликдаги ижобий динамикани қайд этди. Йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Шунингдек, "Шовот — Тошовуз" чегараолди савдо зонаси самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини қабул қилиш, шунингдек, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида Кооперация дастурини ишлаб чиқиш ва уни икки мамлакат ҳудудлари даражасида ҳам амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Имзоланган битим Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш ҳамда устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун институционал асос яратади.

Изоҳлар мавжуд емас