Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Айрим ҳудудларда тиббий хизмат самарадорлиги ҳануз паст, қимматбаҳо ускуналардан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Бу ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда айтиб ўтди.
Масалан, Гурлан тумани шифохонасидаги 300 минг долларлик МСКТ аппарати атиги 9% қувватда, Навоий вилояти шошилинч ёрдам марказидаги 1 миллион долларлик ангиограф эса 4% юклама билан ишламоқда.
Шу билан бирга, Қарши шаҳри, Ангор ва Бўстон туманларида юрак-қон томир касалликлари юқори бўлишига қарамасдан, Кардиология маркази аниқ чора кўрмаган, Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззахда қалқонсимон без касалликлари юқори бўлиб, Эндокринология маркази профилактика самараси кам.
Бундай ҳолатлар ресурс ва хизмат тақсимоти номутаносиблигини кўрсатади: сарфланган миллиардлаб маблағларга қарамай, айрим ҳудудларда юқори технологияли диагностика ва даволаш хизматлари аҳолига тўлиқ етиб бормайди.
Аммо сарфланаётган маблағлар улуши анча юқори. Хусусан, жорий йилнинг ўзида соҳани ривожлантириш учун 45 триллион сўм ажратилган бўлиб, бу кўрсаткич 2016 йилдагидан 6 баробар кўп.
Натижада, мамлакат бўйлаб 187 та янги поликлиника ва шифохона фаолият бошлади, яна 1 244 та муассаса реконструкция қилинган ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Бирламчи тиббиёт тизимининг қуввати 60 фоизга ошган. Илгари фақат пойтахтда амалга оширилган 400 дан ортиқ юқори технологияли ва диагностика-деволаш усуллари эндиликда ҳудудларда ҳам татбиқ этилмоқда.
Президентнинг таъкидлашича, бугунги кунда юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят шифохоналарида, кам инвазив операциялар эса туман даражасида бажарилмоқда.
"Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани инсон саломатлиги борасидаги ишларимизнинг яққол амалий тасдиғидир", – деган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Изоҳлар мавжуд емас