Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти маъмурий харитасида катта ўзгаришлар режалаштирилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Каттақўрғон шаҳри, шунингдек, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари ўртасидаги чегараларни қайта тақсимлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини маъқуллади.
Каттақўрғон туманидан Каттақўрғон шаҳрига 1,9 минг гектардан кўпроқ, Нуробод туманидан яна 970 гектардан зиёд ер ўтади. Ўз навбатида, 600 гектар майдон Нуробод туманидан Каттақўрғон туманига ўтказилади.
Ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан таклиф қилинган. Мақсад - шаҳарни ўрта тоифадан чиқариб, йирик тоифага ўтказиш. Бу янги кўп қаватли уйлар ва инфратузилма объектлари қуриш, турмуш шароитларини яхшилаш, иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга туртки бўлади.
Янгиланишлар доирасида 50 гектар майдонда "Ургут" эркин иқтисодий зонаси филиали ҳамда 30 гектар майдонда 3 та кичик саноат зонаси ташкил этилиши режалаштирилган. Саноат корхоналари сони 330 тадан 500 тага етиши, ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар кўпайиши кутилмоқда. Хизматлар соҳасидаги корхоналар сонини 2030 йилгача 3 мингтага етказиш режалаштирилган.
Каттақўрғонни ривожлантиришга 70 миллион доллар инвестиция киритилади. Вилоятнинг экспорт салоҳияти 65 миллион долларгача ошади, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирларини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, шаҳар кенгайиши билан янги ижтимоий объектлар қурилиши, маиший инфратузилма яхшиланиши ва қўшимча иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Лойиҳа маҳаллий кенгашлар даражасида маъқулланиб, ҳукуматга ушбу режаларни амалга ошириш бўйича комплекс топшириқлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳокимият томонидан Самарқанд шаҳрини қўшни туманлар ҳисобига кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилмоқда. Жорий йил февраль ойида улар сенаторлар томонидан маъқулланган.

Изоҳлар мавжуд емас