Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар куни муносабати билан мамлакат ишбилармонларини мукофотлади. Тегишли фармонда таъкидланишича, қарор уларнинг "мамлакатнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини оширишдаги" ютуқлари асосида қабул қилинган.
Давлат раҳбари сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, Anglesey Food масъулияти чекланган жамияти кузатув кенгаши раиси Зафар Ҳошимовга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор" унвони берилди. Akfa Group компаниялар гуруҳи асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланди.
Шунингдек, президент бошқа бизнес вакилларини ҳам қайд этди. Рўйхатда "муҳим илмий-амалий ишланмалар ва инновацион лойиҳалар билан бизнес соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" тақдирланган олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг исмлари ҳам бор.
Аввалроқ Мирзиёев Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Франция элчиси Орелия Бушезга "Дўстлик" орденини топширган эди. Давлатимиз раҳбари академик Неъматулла Иброҳимовга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвонини берган эди.

Изоҳлар мавжуд емас