Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили" доирасида янги яшил ҳудуд ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев бугун у ерга дарахт ўтқазди. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Авваллари янги боғ барпо этилган ҳудуд ободонлаштирилмаган эди. Энди бу ерда 3 гектар майдонга 3 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Яшил ўсимликларни парвариш қилишни ихтисослаштирилган хизматлар таъминлайди.
Давлат раҳбари тадбир давомида маҳалла аҳли, нуронийлар ва ёшлар билан суҳбатлашиб, боғни барпо этишга ҳисса қўшганларга миннатдорлик билдирди, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклади.
Яшил ташаббус бутун мамлакатни қамраб олмоқда. Президент ташаббуси билан эълон қилинган ободонлаштириш ойлиги доирасида Ўзбекистонда 125 миллион туп дарахт экиш кўзда тутилган. Экиш учун қулай жой танлаш ва суғориш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда мамлакатда 18 та ихтисослаштирилган ўрмон хўжалиги ташкил этилади, уларда илмий технологиялардан фойдаланган ҳолда кўчатлар етиштириш йўлга қўйилади. Шунингдек, фуқаролар ва ташкилотлар учун кўчатларни сотиб олиш жараёнини соддалаштирадиган "Яшил олам" онлайн платформасини ишга тушириш режалаштирилган.
Изоҳлар мавжуд емас