Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирликлари қўшма баёнотига кўра, томонлар 2024 йил декабрида содир бўлган авиаҳалокат оқибатларини, жумладан, товон пули масаласини тўлиқ ҳал қилишга келишиб олди. Ушбу келишувга 2025 йил 9 октябр куни Душанбеда ўтган МДҲ саммити доирасида Владимир Путин ва Илҳом Алиев ўртасидаги музокараларда эришилган.
Маълумотларга кўра, Бокудан Грознийга парвоз қилаётган AZAL самолёти 2024 йил 25 декабрда Қозоғистон ҳудудида ҳалокатга учраган. Фожиа оқибатида 38 киши ҳалок бўлган, 29 нафар йўловчи эса омон қолган.
Ҳодиса Россия ҳаво мудофаа кучлари Кавказ минтақасида Украина дронлари ҳужумини қайтариш жараёнида юз бергани айтилмоқда. Озарбайжон томони самолёт "ташқи таъсир" натижасида уриб туширилганини билдирган.
Дастлаб Москва айбни рад этган, бу эса икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг кескин совуқлашишига олиб келган. Кейинчалик Боку халқаро судга мурожаат қилиш ниятини ҳам билдирган.
2025 йил октябр ойидаги учрашувда эса Владимир Путин Россия ракеталари самолёт яқинида портлаганини ва фожиа техник хатолик туфайли содир бўлганини тан олган.

Изоҳлар мавжуд емас