Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари сотиладиган дўконлар ва омборхона биносида йирик ёнғин юз берди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳодиса 16 июнь куни соат 18:35 да "Мустақиллик" маҳалласи, Амир Темур кўчасида жойлашган El Baraka Ul Haq компанияси ҳамда Lider Bazar ИТга тегишли савдо нуқталарида содир бўлган. Ёнғинни бартараф этишга туман ФВБнинг 6 та ёнғин-қутқарув экипажи билан бир қаторда НКМК ва "Навоийуран" бўлинмалари техникалари ҳам жалб этилди. Воқеа жойига 18:38 да етиб борган қутқарувчилар ёнғинни соат 19:06 да қуршаб олиб, 20:05 да тўлиқ ўчиришган.
Аланга оқибатида қарийб 300 квадрат метр майдондаги савдо ва омборхона биноларига зарар етган. Тезкор ҳаракатлар туфайли мажмуанинг 2 000 квадрат метрлик қисми ёнғиндан сақлаб қолинган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Изоҳлар мавжуд емас