Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев V Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисидаги нутқида мамлакатнинг стратегик хомашё ва ерости бойликлари умумий қиймати 3 триллион долларни ташкил этишини маълум қилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон олтин, мис, уран, вольфрам ва газ каби бой табиий ресурсларга эга эканини алоҳида таъкидлаб, соҳага хорижий сармояларни фаол жалб қилиш бўйича янги режаларни эълон қилди.
Инвесторларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида соҳада очиқ рақамли геология маълумотлар базаси яратилади ҳамда аукционга қўйиладиган конлар сони 4 баробарга кўпайтирилади. "Қазиб олишдан тайёр маҳсулотгача" бўлган занжирли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида барпо этилаётган "Келажак металлари" технопаркларига хорижий инвесторлар жалб этилади.
Бундан ташқари, президент машинасозлик, робототехника, енгил саноат, қурилиш материаллари, электротехника ва фармацевтика каби етакчи "драйвер" тармоқларда умумий қиймати 20 миллиард долларлик истиқболли инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга оширишни таклиф қилди.
Олдинроқ президент Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун ташкил этилган махсус зонада инвесторларга 2040 йилгача барча турдаги солиқ ва божлардан озод этилиш имтиёзи берилганини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас