Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Геосиёсий рақобат кучайган ва дунёда можаролар олови сўнмаётган нотинч вазиятда Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини янги босқичга олиб чиқиш асосий вазифа этиб белгиланди.
Жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугунги йиғилишда айнан шу кундаги Хавфсизлик кенгашига вазифа қилиб берилган устувор мақсадлар ижросининг ривожи батафсил кўриб чиқилган.
Йиғилишда қўшинлар самарадорлигини ошириш учун энг замонавий технологиялар, хусусан, учувчисиз тизимлар (дронлар) ва бошқарувнинг рақамли ечимларини кенг қўллаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, ривожланган давлатларнинг жанговар тажрибасини ўрганиш асосида ҳарбий бошқарув тизимини модернизация қилиш, полигонлар ва ҳарбий таълим муассасалари инфратузилмасини замон талабларига мослаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилган.
Давлат раҳбари ҳарбий кадрлар тайёрлашда илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ва янги қурол-яроғларни ўзлаштириш дастурларини кенгайтириш лозимлигини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас