Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоийнинг "Қизилқум" профессионал футбол клуби U19 жамoаси бош мураббийи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, 2008 йилда туғилган ўсмирни асосий таркибга қабул қилиш эвазига 20 миллион сўм талаб қилганликда айбланмоқда. Мазкур ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилган.
Мураббий футболчиларни саралаш махсус комиссия қарори ва клуб раҳбариятининг буйруғи асосида амалга оширилишини билса-да, алдов йўли билан Нурота туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кирган. У Кармана туманида сўралган пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин Сурхондарёда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимини пора эвазига оғдириб олишга уринишнинг олди олинганди. Ҳиндистон фуқароси йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликдан қочишга уринган эди.

Изоҳлар мавжуд емас