Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг офисига зарба берилганини маълум қилди. ИИМК баёнотига кўра, ҳужум 2 март куни эрталаб амалга оширилган бўлиб, бош вазирнинг тақдири ҳозирча номаълумлиги айтилмоқда.
ИИМК, шунингдек, Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони жойлашган объект ҳам нишонга олинганини билдирган. Ҳозирги вақтда зарбаларнинг оқибатлари, вайронагарчиликлар ёки жабрланганлар тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
Исроил расмий идоралари ҳозирча ИИМКнинг ушбу баёнотига изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Исроил мудофаа вазири Исроиль Кац мамлакат Эрондаги ҳарбий объектларга "превентив чора" сифатида ҳужум қилганини тасдиқлаган эди. Ушбу операциядан сўнг Исроил ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилганди.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг "ядровий қуролга эга бўлиш хавфи"ни бартараф этиш мақсадида АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳарбий операцияси бошланганини расман тасдиқлаганди.
Теҳрон ушбу операцияларга жавобан Исроил ва қўшни араб давлатлари ҳудудига массивлашган зарбалар йўллашни бошлади, бу эса Яқин Шарқдаги вазиятни кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршилик босқичига олиб чиқди.

Изоҳлар мавжуд емас