Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиёнга мактуб йўллаб, Ислом инқилоби раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Ҳоманаий ва унинг оила аъзолари вафот этгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди.
Давлат раҳбари ўз мактубида қуйидагиларни қайд этган: "Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Ҳоманаий Ҳазрати Олийлари ва унинг оила аъзолари вафот этгани тўғрисидаги нохуш хабар қалбларимизни қаттиқ изтиробга солди. У зот ўзининг самарали фаолияти давомида Эрон давлатчилигини мустаҳкамлаш, жамият барқарорлиги ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш йўлида катта хизматлар қилди".
Президент мактубда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Оятуллоҳ Саййид Али Ҳоманаийнинг ёрқин хотираси қалбларда доимий сақланиб қолишини таъкидлаган.
Давлатимиз раҳбари ушбу оғир дамларда дўст Эрон халқига ҳамдардлик билдириб, марҳумларнинг руҳи шод бўлишини ҳамда яқинларига сабр-тоқат тилаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши амалга оширган қўшма ҳарбий зарбалари оқибатида Эрон олий раҳбариятининг бир қатор юқори лавозимли шахслари ҳалок бўлганди. Расмий Теҳрон ушбу воқеаларни "мусулмонларга, хусусан, шиа мазҳабига қарши очиқ уруш эълони" деб баҳолаган.

Изоҳлар мавжуд емас