Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эроннинг ОАВ хабар берилишича, Эрон Ислом Республикаси Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг рафиқаси Мансура Хожаста Багирзода оламдан ўтди. Аввалроқ у АҚШ ва Исроил томонидан Эронга берилган зарбалар оқибатида тан жароҳати олиб, комага тушгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, Али Хоманаийнинг 1 март куни вафот этган эди. У билан бирга унинг оила аъзолари, хусусан, қизи, куёви ҳамда невараси ўлдирилганди.
Хўш, Хоманаийнинг беваси ким эди?
Мансура Хожаста Багирзода Эрон ижтимоий-сиёсий ҳаётида деярли кўринмайдиган, ўта камсуқум ва оммавий ахборот воситаларидан узоқ юришни афзал кўрган шахс сифатида танилган.
У Машҳадлик таниқли ишбилармон Муҳаммад Исмоил Хожаста Багирзоданинг қизи. Унинг акаси Ҳасан Хожаста Багирзода илгари Эрон давлат телерадиокомпанияси (IRIB) раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.
Оятуллоҳ Али Ҳоманаий билан 1964 йилда оила қурган. Ўша пайтда Мансура хоним 17 ёшда бўлган.
Жуфтлик олти нафар фарзанд — тўрт ўғил Мустафо, Мужтабо, Масъуд ва Мейсам ҳамда икки қиз Бошра ва Ҳодани тарбиялаб вояга етказган. Уларнинг оиласи ва неваралари асосан сиёсий саҳнадан ва оммавий эътибордан узоқда ҳаёт кечиришган.
Мансура Хожаста Багирзода омма олдида жуда кам кўриниш берган. Унинг ҳаёти ҳақидаги энг кўзга кўринган маълумотлар 1993 йилда Эрон журналларидан бирига берган камёб интервьюсига асосланади. Унда Мансура хоним турмуш ўртоғини ғамхўр эр сифатида таърифлаб, ўз вазифаси уйда тинч ва соғлом муҳитни сақлаш бўлганини, шу орқали Оятуллоҳ Али Ҳоманаий ўз ишларини хотиржам давом эттиришига имкон яратганини айтган. Шунингдек, у турмуш ўртоғи ишдаги муаммоларни уйга олиб келмасликка ҳаракат қилганини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас