Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ҳудудгаз Қорақалпоғистон" газ таъминоти филиали фаолияти юзасидан ўтказилган текширувда давлат ва жамият манфаатларига 251,5 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан ўзлаштириш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда корхона масъул шахслари қабул қилиб олган ва истеъмолчиларга етказиб берилган табиий газ ҳажмлари ўртасидаги тафовутни белгиланган тартибда аниқламагани маълум бўлган.
Текширувга кўра, масъуллар тафовутнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмасдан, уни оддий йўқотиш сифатида ҳисоботга киритган. Натижада 251,5 миллиард сўмлик зарар келиб чиққан.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин Жиззах шаҳрида "Ҳудудгаз Жиззах" газ таъминоти филиали етакчи мутахассиси пора олган вақтда қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас