Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. 23 октябрь куни тахминан соат 21:30да 100дан ортиқ такси ҳайдовчилари Янгийўл тумани ЙҲХХБ биносига келиб, мазкур бошқарма бошлиғининг ўринбосари катта инспектор Усмон Замоновга нисбатан чора кўришни талаб этишган.
Илгарироқ ижтимоий тармоқларда ўзини катта инспектор Усмон Замонов деб таништирган шахс томонидан янгийўллик таксичиларни ҳақорат қилиши акс эттирилган аудиоёзув тарқалган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, Замонов мазкур ёзувга ўзининг даҳлдорлигини инкор қилиб, сохта деб атаган. Шундай бўлсада, бир гуруҳ таксичилар инспекторга нисбатан чора кўрилишини сўраб прокуратурага мурожаат қилишган.
Норозичилик билдирган таксичилар билан вилоят ЙҲХХБ ва Янгийўл шаҳар раҳбарияти учрашган. Улар мазкур ҳолат юзасидан терговолди текшириш олиб борилаётганлиги, Усмон Замонов эса лавозимидан четлаштирилганлигини билдиришган. Унинг иш фаолияти бўйича хизмат текшируви тайинланган бўлиб, натижаси юзасидан тўпланган материаллар прокуратурага берилади. Шундан сўнг тўпланганлар тарқалишган.
ЙҲХХБ матбуот хизмати ҳам текширув натижаларига кўра ёзувдаги овоз ҳақиқатдан ҳам Усмон Замоновга тегишли эканлигини тасдиқлади. Кейинчалик катта инспектор ёзувнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб, таксичиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига қаратилган ҳақоратомуз сўзларга жавобан бу гапларни айтганини билдирган.
Изоҳлар мавжуд емас