Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятидаги банклардан бирининг юқори лавозимли мулозими катта миқдордаги маблағни пора сифатида олаётган вақтида ушланди.
Республикадаги банклардан бирининг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари кредит таъминоти учун гаровга қўйилган мулкларни бошқариш ваколатидан шахсий бойлик орттириш йўлида фойдаланган. У Асака туманида жойлашган, умумий баҳоси 16,8 миллиард сўм бўлган тўрт қаватли хусусий даволаш маркази биносини аукцион савдоларисиз тадбиркорга олиб беришни ваъда қилган.
Мансабдор шахс бинонинг аукцион платформасида сотувдан қайтганидан фойдаланиб, унинг нархини 12 миллиард сўмга туширишни режалаштирган. Шундан сўнг объектни банк ҳисобига ўтказиб, маҳаллий тадбиркорга 7 йил муддатга фоизсиз кредит ҳисобидан расмийлаштириб бериш эвазига 90 минг доллар талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда банк мулозими талаб қилинган маблағдан 40 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
ДХХ фуқаролардан кундалик ҳаётда шу каби коррупцион ҳолатларга дуч келганда 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишни сўрайди ва шахс сир сақланишини кафолатлайди.
Бундан олдин ҳам Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё вилоят суди судьяси ва "Агробанк" банки филиали мансабдорининг 7500 доллар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас