Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореянинг Пхёнтхэк шаҳрида 26 ёшли ватандошимиз Нозима Ким вафот этди. У ҳаммомда осилган ҳолда топилган. Унинг ўлими юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатларида қотиллик аломатлари аниқланмаган. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларининг хулосасига кўра, марҳума ўз жонига қасд қилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, аёл рухий жиҳатдан азоб чеккан. Тармоқ фаоллари унинг ўлимига турмуш ўртоғи сабаб бўлганини гумон қилмоқда. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга кўра, ҳодиса жойидаги ва шифохоналардаги кузатув камералари ёзувлари, шунингдек, суд-тиббий экспертизаси натижалари ушбу хулосани тасдиқлаган.
Пхёнтхэк шаҳридаги Корея миллий суд-тиббий экспертиза маркази ўтказган чуқурлаштирилган таҳлиллар натижасида Нозимада зўравонлик аломатлари (ташқи ёки ички жароҳатлар, кўкаришлар) аниқланмаган.
ДНК, қон ва бармоқ излари бўйича олинган хулосалар марҳума танасида заҳарли ёки кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд эмаслигини кўрсатган. Тергов гуруҳи марҳума истиқомат қилган уй атрофи ҳамда унга тиббий ёрдам кўрсатилган тиббиёт муассасаларидаги кузатув камералари тасвирларини марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова ва унинг адвокатига тақдим этган.
Мазкур жараёнга шаффофликни таъминлаш мақсадида марҳуманинг онаси ва ҳуқуқшуноси махсус таклиф этилиб, 14-апрель куни Пхёнтхэк шаҳар полицияси масъуллари билан юзма-юз учрашув ташкил этилган.
Корея томони ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли тахминлар ҳамда суратлар терговга алоқаси йўқлигини, шунингдек, бундай маълумотларни тарқатиш маҳаллий қонунчиликка кўра тақиқланишини маълум қилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов жараёнлари давом этмоқда.
Элчихона фуқароларимиздан асоссиз маълумотларни тарқатмасликни ҳамда марҳуманинг хотирасига ҳурмат билан ёндашишни сўраб, вазиятни доимий назоратда сақлаётганини билдирган.
Бундан олдин Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликлар ўртасидаги можаро юзасидан ҳам расмий маълумот берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас