Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Марказий поликлиника ҳудудида бахтсиз ҳодиса оқибатида тўрт нафар ходим вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, тиббиёт муассасаси орқа томонидаги қудуқни (колодец) тозалаш жараёнида бир-кетин заҳарли газдан бўғилиш оқибатида тўрт киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари қутқарувчилар томонидан бир неча соатлик ҳаракатлардан сўнг қудуқдан чиқариб олинган.
Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, фожиа поликлиниканинг орқа қисмидаги ҳожатхона тармоғига уланган қудуқни тозалаш вақтида юз берган. Дастлаб бир ходим қудуқ ичига тушиб кетган ва ўша ерда ҳушини йўқотган. Уни қутқариш мақсадида ортидан кирган иккинчи, сўнгра учинчи ва тўртинчи ходимлар ҳам қудуқ ичида тўпланиб қолган ўткир заҳарли газ оқибатида бўғилиб, ҳалок бўлишган. Гувоҳлар воқеа жойига зудлик билан ФВВ ва ички ишлар органлари ходимлари чақирилганини, Андижон шаҳридан махсус ғаввослар етиб келганини билдиришмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео муаллифлари ва гувоҳлар поликлиника атрофидаги санитария ҳолатининг ўта ачинарли экани, у ерда чиқиндихона ҳосил бўлганини танқид қилишган. Маълум қилинишича, қутқарув ишлари давом этаётган вақтда ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида тушунмовчиликлар ва баҳсли вазиятлар ҳам юзага келган.
Ҳозирча ҳолат юзасидан расмий маълумот берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас