Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида HOWO русумли юк машинаси бошқарувни йўқотиши оқибатида тўртта автомобиль билан тўқнашди. Аянчли йўл-транспорт ҳодисаси натижасида икки фуқаро воқеа жойида вафот этди, яна тўрт киши шифохонага ётқизилди.
Ички ишлар бошқармаси тақдим этган расмий маълумотларга кўра, воқеа 26 апрель куни соат 23:10 ларда А-373 автомобиль йўлининг 93-километрида юз берган. 29 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги юк машинаси ҳаракат давомида назоратни йўқотиб, ўз йўналишидаги транспорт воситаларига бориб урилган.
Натижада, Cobalt автомашинасида бўлган 51 ёшли ҳайдовчи ва 40 ёшли йўловчи олган жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бошқа машиналардаги тўрт нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шу сабабли юк машинаси ҳайдовчиси процессуал тартибда ҳибсга олинган. Таъкидланишича, у тўқнашув вақтида тан жароҳати олмаган.
Мутасаддилар барча ҳайдовчиларни чарчоқ ҳолатида рулга ўтирмасликка ҳамда йўл ҳаракати қоидалари ва тезлик меъёрига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас