Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида 32 ёшли аёлни шафқатсиз равишда ўлдирган ва унинг жасадини ўз уйи ҳовлисига кўмиб яширган шахс суд ҳукми билан жазоланди. Воқеа 2025 йил декабрь ойида содир бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, Сурхондарё вилоятидан бўлган аёл ижтимоий тармоқ орқали Бекободда яшовчи 26 ёшли эркак билан танишган. Аёл ажрашган бўлиб, олти ёшли ўғлини ёлғиз тарбиялаётган эди.
Маълум қилинишича, эркак Instagram орқали мулоқот давомида ўзини ғамхўр инсон сифатида кўрсатган. У аввалги муносабатлари, ёлғизлиги ва аёлнинг фарзандини ўз боласидек қабул қилишга тайёр экани ҳақида гапирган.
2025 йил сентябрь ойи охирида аёл ўғли билан Бекободга кўчиб келган. Эркак уларни Тошкентда кутиб олган, кейин Туябўғиз сув омборига олиб бориб, сайр уюштирган ва ўзини "идеал оила бошлиғи" сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган.
Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, у аввал ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушган шахс бўлган. Унинг муқаддам безорилик, тан жароҳати етказиш ва оилавий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар бўйича суд жараёнларида қатнашгани аниқланган.
Шунингдек, тергов давомида эркак 2020 йилдан буён ОИВ инфекцияси билан тиббий рўйхатда тургани маълум бўлган. Унга бошқа шахсни инфекция юқтириш хавфи остида қолдирганлик учун жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Тергов маълумотларига кўра, 2025 йил 2 декабрь куни кечаси эркак спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда уйга қайтган. У билан бирга яшаган аёл ўртасида рашк сабаб жанжал чиққан ва вазият тез орада зўравонликка айланган.
Жанжал пайтида қўшнилар овозларни эшитиб, аралашишга уринган. Аммо эркак буни оилавий можаро деб баҳолаб, аралашмасликни сўраган.
Шундан сўнг у аёлни қаттиқ калтаклаган. Аёл оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этган. Ҳолат олти ёшли бола кўз ўнгида содир бўлган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчида бош суяги, қовурғалар ва кўкрак суяги синиши каби оғир жароҳатлар аниқланган. Ўлим сабаби сифатида қон кетиши оқибатида нафас йўлларининг тўсилиши кўрсатилган.
Жиноятдан кейин эркак жасадни уй ичига олиб кирган, қон изларини тозалаган ва эртаси куни ҳовлисида чуқур жой тайёрлаб, жасадни кўмиб қўйган. У изларни яшириш мақсадида устини ғишт билан ёпган ва марҳуманинг кийимларини йўқ қилган.
Шундан кейин у аёлнинг телефонини сотиб, боланинг боғча харажатларини тўлаган. Шу орқали ўзини болага ғамхўрлик қилаётган инсон сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган.
Аёлнинг яқинлари уни қидира бошлагач, эркак унинг Тошкентга кетганини айтган. Кейинчалик у ўзи 102 рақамига қўнғироқ қилиб, аёл бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текшируви давомида унинг кўрсатмаларидаги зиддиятлар аниқланган. 2025 йил 26 декабрь куни гумонланувчи айбини тан олган ва ҳовлисидаги жасад кўмилган жойни кўрсатган. Эртанги куни жасад топилган.
2026 йил май ойида жиноят ишлари бўйича суд жараёни якунланган. Судда айбланувчи ўз айбини тан олган ва пушаймонлигини билдирган.
Суд уни ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш, телефон ўғирлаш ҳамда ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи остида қолдиришда айбдор деб топган.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчига жиноятлар мажмуи бўйича 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.
Бундан олдин Навоий вилоятида уч нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси бўйича суд ҳукми эълон қилинганди. Томди тумани жиноят ишлари бўйича суди автобус ҳайдовчисини айбдор деб топиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас