Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах ва Қашқадарёдаги корхоналарнинг биржа савдоларига юқори ликвидли ва монополь маҳсулотларни чиқариш тартибига риоя этишини ўрганиб, 4 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги қонунбузилишларни аниқлади.
Қўмита маълумотига кўра, Қорақалпоғистондаги ECO TEKS CLUSTER компанияси 2023 йил октябридан 2026 йил майигача пахта толаси, линт ва пахта ёғини белгиланган график асосида биржага чиқармасдан, тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотган. Натижада 38 та қонунбузилиш ҳолати қайд этилган.
Шундан 11 тасида пахта толасининг тўғридан-тўғри сотилиши натижасида биржа котировкаси ва шартнома нархи ўртасидаги фарқ ҳисобидан 183,8 миллион сўм асоссиз олинган маблағ аниқланган.
Андижон вилоятидаги САДАФ СОФ УНЛАРИ компанияси фаолиятида эса маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш бўйича белгиланган режалар бажарилмагани маълум бўлган.
Корхона 2025 йил июль–декабрь ҳамда 2026 йил январь–апрель ойларида биржа орқали 3 918 тонна буғдой харид қилган ва ундан 2 646 тонна ун ишлаб чиқарган. Бироқ айрим ойларда режада белгиланган миқдордаги маҳсулот савдога чиқарилмаган. Хусусан, 2025 йил сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида мос равишда 840, 910 ва 810 тонна маҳсулот умуман биржага қўйилмаган.
Жиззах вилоятидаги GROUPTEXTIL компаниясида эса 2025 йил декабрь ойида жами 1 186 тонна, қиймати қарийб 4,1 миллиард сўмлик пахта чигити ва пахта толаси белгиланган муддат ва ҳажмларда биржа савдоларига чиқарилмаган.
Қашқадарёдаги "Касби тегирмони" компанияси фаолиятида ҳам биржага чиқарилиши режалаштирилган юқори ликвидли ва монополь маҳсулотларнинг бир қисми белгиланган тартибда савдога қўйилмагани аниқланган.
Қўмита маълум қилишича, барча ҳолатлар бўйича ҳудудий органларнинг Махсус комиссиялари томонидан ишлар қўзғатилган. Қонунбузилишларни бартараф этиш, асоссиз олинган маблағларни қайтариш ва бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.

Изоҳлар мавжуд емас