Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистонда Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида хизматчилар ҳалок бўлгани юзасидан Мудофаа тизимидаги беш нафар мансабдор шахс ушланди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, улар хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш ва кемани бошқариш қоидаларини бузишда гумонланмоқда. Бу ҳаракатлар оғир оқибатларга олиб келгани айтилмоқда.
Маълумот учун, машғулотлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 12 тага етган. Мамлакатда 25 сентябрь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинган.
Ушланганлар орасида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари Бош қўмондонининг штаб бошлиғи — биринчи ўринбосари, икки ҳарбий қисм командири, денгиз пиёдалари ротаси командири ҳамда катер командири бор.
Уларнинг барчаси гумонланувчи сифатида тан олинган ва Ақтау шаҳри полиция бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Ҳодиса 24 сентябрь куни "Хазар Қорғаны – 2026" машғулотлари давомида Каспий денгизи соҳилида, Ақтау шаҳрида 43 километр масофада содир бўлган. Ҳарбий хизматчилар "Қайсар" катеридан соҳилга туширилаётган вақтда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли денгизга оқиб кетган.
Ҳозирда ҳарбий-тергов бўлинмаси томонидан ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув эмас, жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов доирасида машғулотларни ташкил этиш ва ўтказишда қарорлар қандай қабул қилингани, хавфсизлик талабларига риоя этилгани, гидрометеорологик вазият ҳисобга олингани, катернинг техник ҳолати ҳамда ҳарбий хизматчилар хавфсизлиги учун масъул мансабдорларнинг ҳаракатлари ўрганилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура тергов жараёнини алоҳида назоратга олган.
Ушланган шахсларнинг ҳаракатларига тергов натижаларига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.
Олдинроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирганди.

Изоҳлар мавжуд емас