Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жамоа эшиклари барча футболчилар учун очиқ эканини, аммо аввалги хизматлари футболчиларга устунлик бермаслигини билдирди.
Италиялик мутахассис бу фикрларни Ўзбекистоннинг Эрон устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабасидан кейинги матбуот анжуманида айтди.
Каннаваронинг таъкидлашича, энди терма жамоага футболчининг аввалги хизматларига эмас, унинг ҳозирги ҳолати ва тайёргарлигига қараб чақирув амалга оширилади.
"Аввалги йиғинларда айрим футболчиларнинг саралашдаги меҳнати ва жамоага ёрдами учун бонус берган бўлсак, энди бундай имтиёзлар бўлмайди. Кимни муносиб ва миллий жамоа учун тайёр деб ҳисобласак, ўшани чақирамиз", — деган мураббий.
У Эронга қарши ўйин осон кечмаганини, жамоа учрашувга тайёргарлик кўриш учун атиги уч кунга эга бўлганини айтган. Каннаваро футболчиларнинг жамоавий ҳаракатидан мамнунлигини билдириб, ғалабадан фахрланишини таъкидлаган.
Шу билан бирга, мураббий жамоада ҳали ишлаш керак бўлган жиҳатлар борлигини қайд этгане. Хусусан, у майдон марказидаги айрим хатолар ва ўз жарима майдони яқинида йўл қўйилган қоидабузарликларга эътибор қаратган.
Каннаваро энди жамоа олдида Осиё кубогига тайёргарлик вазифаси турганини айтган. Унинг сўзларига кўра, мусобақа олдидан йиғин учун бир ой вақт бўлади.

Изоҳлар мавжуд емас