Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятида ўтказилган рейд давомида ноёб ҳайвонни ноқонуний овлаган фуқаро табиатга йирик миқдорда зарар етказгани маълум бўлди.
Вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан "Боботоғ" давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган бир бош Бухоро тоғ қўйини ов қуроли билан ноқонуний нобуд қилгани аниқланган.
Ушбу ҳолат билан "Ов қилиш ва ов хўжаликлари тўғрисида"ги ҳамда "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунлар талаблари қўпол равишда бузилган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар миқдори 412 миллион сўм этиб белгиланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқбузарга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилиши таъминланиши маълум қилинган.
Аввалроқ Экологлар Тошкент вилояти фуқаросидан Қизил китобга киритилган заҳарли кобраларини олиб қўйганди. Илгари у Пскент туманидаги болалар боғчасида ушбу илонлар билан чиқиш ҳам қилган.

Изоҳлар мавжуд емас