Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қаттиқ маиший чиқинди полигонларидаги, жумладан, Оҳангарондаги полигонда юз берган ёнғинлар кенг муҳокама марказида турибди. Тармоқларда чиқиндилар ҳажмини камайтириш мақсадида улар атайлаб ёқиб юбориляпти, деган тахминлар ҳам пайдо бўлди. Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бу иддаоларга жавоб қайтарди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида тарқалган тутун ва ёқимсиз ҳид Тошкент вилоятидаги "Maxsustrans" чиқинди полигонида содир бўлган ёнғин ҳамда шамол йўналишининг ўзгариши оқибатида юзага келгани ҳақида хабар қилган эдик.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, полигондаги ёнғинни ўчириш жуда катта маблағ, юзлаб тонна сув, махсус техника, ёқилғи ва катта ишчи кучини талаб қилади. Шу боис у иддаоларни қатъий рад этди ва ёнғинларнинг асл сабабларини очиқлади. Унинг айтишича, бу давлатга ҳам, полигон операторларига ҳам фақат жиддий молиявий зарар келтиради.
Бундан ташқари, ҳозирда мамлакатдаги 137 та полигондан 98 тасида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашни ташкил этиш бўйича очиқ танловлар (тендерлар) эълон қилинган. Тадбиркорлар учун чиқиндини ёқиш эмас, саралаб даромад олиш анча фойдалироқ.
Билдирилиши, чиқиндиларнинг қарийб ярмини органик маҳсулотлар ташкил этади. Улар чириши натижасида тез алангаланувчи метан гази ажралиб чиқади. Жазирама иссиқда кичкина учқуни ҳам катта ёнғинга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, аҳоли ва умумий овқатланиш жойлари ташлаб юборадиган кул сиртидан совигандек кўринса-да, унинг ичида иссиқлик икки суткагача сақланади. Полигонга бориб тушган бундай яширин чўғлар чиқиндининг ички қатламларини ёниб кетишига олиб келади.
Президент фармонига асосан, юртимиздаги барча чиқинди полигонлари босқичма-босқич Экология вазирлиги ҳузуридаги Дирекция тасарруфига ўтказилмоқда. Бироқ ҳали тўлиқ топширилмаган айрим объектларда чиқиндини қатламлаб жойлаштириш ва устини ҳар куни тупроқ билан ёпиш қоидалари бузилган. Натижада чиқинди орасида ҳаво бўшлиқлари ҳосил бўлиб, кислород ва метан аралашмаси иссиқда ўз-ўзидан ёниб кетиш хавфини юзага келтирган.
Бу фақат Ўзбекистонга хос муаммо эмас. Ҳар йили полигонлардаги ёнғинлар сони Швецияда 23 та, Польшада 30 тадан 80 тагача, АҚШда 8 мингдан ортиқни ташкил этади. Масалан, Ҳиндистонда айрим полигонлар ойлаб тутаб ёнади.
Ёнғинларга тезкор чора кўриш учун полигонларда доимий равишда махсус насослар, ўт ўчириш шланглари ва сув цистерналари шай ҳолатда сақланади. Ёнғин ўчирилгач, аловланиш ўчоқлари қайталанмаслиги учун уларнинг усти албатта тупроқ билан ёпилади ва зичланади.

Изоҳлар мавжуд емас