Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида тарқалган тутун ва ёқимсиз ҳид Тошкент вилоятидаги Maxsustrans чиқинди полигонида содир бўлган ёнғин ҳамда шамол йўналишининг ўзгариши оқибатида юзага келган.
Пойтахтнинг Яшнобод, Бектемир, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманлари ҳамда марказий ҳудудларида кузатилган ҳолат юзасидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги чоралар кўришни бошлаган.
Маълум қилинишича, Оҳангарон туманидаги Maxsustrans қаттиқ маиший чиқиндилар полигонида табиий ёнғин юз берган. Ёнғин ўчирилган бўлса-да, чиқиндиларнинг ички қатламларида чўғланиш жараёни давом этгани сабабли ҳавога тутун ва майда заррачалар ажралиб чиққан.
Ҳолатнинг шаҳар бўйлаб тарқалишига метеорологик омиллар таъсир кўрсатган. Кун давомида шамол кузатилмаган бўлса-да, соат 19:00 дан кейин жануби-шарқдан эсган шамол полигондан чиққан тутун ва аэрозол заррачаларини пойтахт томон йўналтирган.
Натижада, ҳаво сифати мониторинги станциялари PM2.5 ва PM10 майда дисперс заррачалари миқдори ошганини қайд этган.
Айни пайтда вазият тўлиқ назорат остида бўлиб, полигонда рекультивация ва тупроқ билан қоплаш ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас