Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган мониторинглар натижасида Бухоро, Фарғона, Жиззах ва Навоий вилоятларидаги давлат харидлари жараёнида "Рақобат тўғрисида"ги Қонун талаблари бузилгани аниқланди. Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан умумий қиймати 11,2 миллиард сўмлик тендерлар бўйича тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Қўмита ўрганишлари шуни кўрсатдики, энг яхши таклифларни танлаш бўйича ўтказилган савдоларда рақобатни чекловчи ҳолатлар кузатилган. Жами 21 та тендерда қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган.
Қонунбузилишлар вилоятлар кесимида:
• Фарғона вилояти: Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 6 та тендерида 8 миллиард сўмлик қонунбузилиш аниқланган.
• Навоий вилояти: Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмасининг 7 та савдоси — 1,7 миллиард сўмга яқин, Онкология ва радиология маркази филиалининг 1 та савдоси — 100 миллион сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари;
• Жиззах вилояти: Пахтакор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 4 та савдоси — 766 миллион сўмлик, Ғаллаорол туман Агротехнология техникумининг 1 та савдоси — 140 миллион сўмга яқин, Дўстлик туман Ободонлаштириш бошқармасининг 1 та савдоси — 17 миллион сўмга яқин қонунга хилоф ҳаракатлар;
• Бухоро вилояти: Бухоро шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 1 та савдосида 500 миллион сўмдан ортиқ ноқонуний харидлар қайд этилган.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари буюртмачи ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатиб, белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўллаган. Шунингдек, келгусида бузилишларнинг олдини олиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан умумий қиймати 263,9 миллиард сўмлик 234 та ноқонуний давлат харидлари бекор қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас