Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ФҲДЁ тизимидаги техник хатолик ва масъулларнинг эътиборсизлиги сабаб 35 йилдан бери хабари бўлмаган никоҳга эга бўлиб қолган фуқаро бир ярим йилдан бери суд, прокуратура ва ФҲДЁ идоралари ўртасида сарсон бўлмоқда.
Фуқаро 2025 йилнинг июнь ойида турмуш ўртоғи билан келишиб, ҳовлисини сотган ва уйни харидор номига расмийлаштириш учун нотариусга борган. Бироқ нотариусда маълумотлар базаси текширилганда, унинг номида иккинчи никоҳ борлиги аниқланган.
Мурожаатчининг таъкидлашича, 1989 йилнинг октябрь ойида бир аёл билан ФҲДЁга ариза берилган, аммо кейинчалик икки тараф ҳам уйланиш фикридан қайтган. ФҲДЁ дафтаридаги акт қоғозларига қўл қўйилмаган ва унда "фикрга қайтилди" деган ёзув бўлган.
Шунга қарамай, 2018–19 йилларда маълумотлар электрон базага ўтказилаётганда, ходимларнинг хатоси ёки масъулиятсизлиги сабаб ушбу бекор қилинган ҳужжат тизимга никоҳ сифатида киритиб юборилган.
Фуқаро 1990 йилда расман ўз аёли билан оила қурган, шу давргача бир нечта уй ва машиналарни бемалол олди-сотди қилган. 2025 йилнинг январь ва февраль ойларида олинган маълумотномаларда бўлмаган "иккинчи никоҳ" март ойига келиб базада пайдо бўлган.
Фуқаро ушбу хатоликни тузатиш учун фуқаролик суди, прокуратура ва ички ишлар органларига мурожаат қилган. Аммо фуқаролик суди асоссиз равишда унинг даъвосини рад этган. Бундан ташқари, апелляция жараёнидан сўнг ФҲДЁдаги дастлабки қайд дафтари ҳамда суддаги баъзи ҳужжатлар сирли равишда йўқолиб қолган.
Ушбу сарсонгарчилик ва моддий заҳматлар (6 миллион сўм давлатдан ва 11 миллион сўм бошқа қарзлар) оқибатида фуқаро икки марта инфаркт ўтказиб, касалхонага тушган. Қолаверса, уйни олган харидорга мол-мулкни расмийлаштириб бера олмаётгани руҳий босимни янада оширмоқда.
Ҳуқуқшуносларнинг билдиришича, мазкур ҳолатда судга "никоҳни бекор қилиш" эмас, балки "никоҳни тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиш" бўйича даъво киритилиши керак. Чунки никоҳ шунчаки бекор қилинса, икки ўртада сохта мажбуриятлар сақланиб қолади.
Ҳозирда мутахассислар томонидан 23 сентябрга қадар кассация тартибида шикоят бериш ва ФҲДЁ ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас