Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бешариқ туман суди томонидан ўзганинг мулкини алдов йўли билан қўлга киритиб, уни сотиб юборган фуқаро Алижоновга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, айбланувчи 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Тергов давомида аниқланишича, аввал ҳам бир неча бор судланган Алижонов ижтимоий тармоқ орқали сотувга қўйилган, Ҳасановага тегишли қиймати 317 миллион сўмдан ортиқ бўлган Jetour Dashing русумли автомашинани сотиб олиш ниятида эканини билдирган. Кейинчалик у Ҳасанованинг таниши Ҳайитов билан боғланиб, автомашинани 9000 долларга, тўловни икки ойга бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган.
Алижонов шу билан чеклани қолмай, автомобилга расмийлаштирилган 253 миллион сўм банк кредитини ҳам ўз зиммасига олишни билдирган. У автомашина эгасининг ишончига кириш мақсадида дастлабки тўлов сифатида 4000 долларни бериб, транспорт воситасини қўлга киритган ва кейинроқ уни сотиб юборган.
Жиноят натижасида, автомашина эгасига 317 миллион сўмдан ортиқ, яна бир жабрланувчи Абдураззоқовага эса 128 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган.
Судланувчи Алижонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми "а" банди билан айбли деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, 2024 йилдаги Фарғона туман судининг ҳам ҳукмлар қисман қўшилиши ҳисобига, унга нисбатан узил-кесил 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Суд ҳукми билан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида банк ходими томонидан фирибгарлик ҳолати аниқланганди. Терговга қадар текширувлар давомида у фуқаронинг ишончига кириб, унинг номига ажратилган кредит маблағларининг катта қисмини ўзлаштириб олгани маълум бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас