Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Фарғонадаги болалар боғчаларидан бирида шов-шувли воқеа юз берган. Келиб чиққан можаро оқибатида тўрт яшар болар тенгдошига канцелярия пичоғи билан жароҳат етказган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Мазкур воқеа тафсилотларини жабрланган боланинг ота-онаси “Истеъмолчи.уз” ҳамжамиятига жойлаган.
Бир куни боланинг ота-онаси боғчага чақиртирилиб, фарзандлари “ўйинчоқдан қўлини кесган” деб, уни олиб кетиш сўралган. Боланинг бармоғидаги жароҳатни кўриб, улар дарҳол “тез ёрдам”га қўнғироқ қилишган. Пичоқ билан етказилган жароҳатни кўрган шифокор ҳам участка инспекторини хабардор қилган.
Кузатув камераларини текшириш натижасида аниқланишича, икки нафар жанжаллашаётган боланинг ёнига учинчи бола келиб, канцелярия пичоғи билан улардан бирини яралаган. Видеода акс этишича, жанжал пайтида энага шу хонада бўла туриб, воқеага умуман эътибор бермаган.
Энг даҳшатлиси шуки, ота-онаси воқеадан беш соат ўтгач боғчага чақирилган. Шунча вақт ичида бола очиқ жароҳат билан юрган.
Айни пайтда боланинг бармоғидаги яра тикилган, энага эса ишдан бўшатилган. Ота-онаси экспертиза қилдириб, боғча устидан арз қилишган. Аммо бир ой ўтгач, номаълум сабабларга кўра иш ёпилган.
Шундан сўнг боланинг ота-онаси прокуратурага ёзиб берган. Бу гал ҳам натижа бўлмаган.
“Боланинг ота-онаси учун ижтимоий тармоқлар ягона имкон бўлиб қолмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги бу ҳолатга эътибор бериши ва канцелярия пичоғи болалардан узоқроқда бўлиши кераклигини барча болалар боғчалари эътиборига етказиши лозим”, -дея қайд этмоқда ҳамжамият.
Изоҳлар мавжуд емас