Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирлари натижасида олти йилдан буён қидирувда бўлган фирибгарлик ҳамда одам савдоси жиноятларини содир этган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олиниб, ватанга экстрадиция қилинди.
Аниқланишича, фирибгарликда айбланаётган шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, фуқароларни АҚШ ва Европа давлатларига юқори маошли ишларга жойлаштиришни ваъда қилган. У фуқароларнинг ишончига кириб, катта миқдордаги маблағларни қўлга киритган ва уларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, қидирувда бўлган яна бир шахс 135-модда (одам савдоси) билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумонланиб ушланган. Ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хорижда яшириниб юрган бошқа қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича тезкор-процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Расмий идоралар жиноят содир этиб чет элга чиқиб кетиш жавобгарликдан қочиш учун асос бўла олмаслигини таъкидламоқда.
Олдинроқ Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ҳамда хорижий ҳамкорлар билан яқин ҳамкорлик натижасида қидирувдаги шахс Перу Республикасидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас