Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Авиасозлар кўчасида ўсмир йигит кекса аёлларга ҳужум қилиб, пулини олиб қўймоқда. “Истеъмолчи.уз” камида бу каби иккита ҳолат ҳақида хабар бермоқда.
“Соат 15.30да Авиасозларнинг учинчи мавзесида 16-18 ёшли нотаниш йигит қайнонамнинг ортидан подъезда кирган. Унинг қўлидан ҳамёнини тортиб олиб, қочиб кетган. Ҳамёнда пенсия дафтарчаси, манзиллар ва телефон рақамлари ёзилган китобча, калитлар ва тахминан 100 минг сўм пул бўлган. Қулфларни албатта алмаштирамиз, лекин гап бошқа томонда. Кекса аёл бундан кейин қўрқувда яшашга мажбур. Эҳтиёт бўлинг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг”, - деб ёзмоқда фойдаланувчи.
Тошкентлик яна бир аёлнинг маълум қилишича, ўша мавзеда унинг холасини биров пойлаб туриб, ортидан подъезда кириб борган ва пенсиясини олиб қўйган. Қолаверса, тажовузкор аёлни қаттиқ итариб юбориб, унинг кифт суягини синдирган. Бечора аёл уч ой гипсда юришга мажбур.
Қолган фойдаланувчилар иккала аёлга ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишни маслаҳат қилишган. Аксарият жойларда кузатув камералари ўрнатилгани боис, ҳужум қилганларни осонликча топиш мумкин. Бошқа бировлар ҳужум қилган йигит гиёҳванд бўлиши, навбатдаги дозага пул топиш учун бу ишга қўл урган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
“Хавфсизлик борасида онангиз, опа-сингилларингиз, хола-аммалар ва қизларингиз билан суҳбатлашинг. Ёнида кимдир ўралашиб юрган бўлса, подъезда киришмасин. У жиноятчи бўлиши мумкин”, -дея маълум қилмоқда “Истеъмолчи.уз”.
Изоҳлар мавжуд емас