Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, ИИББ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходими томонидан эркакнинг калтаклангани бўйича тарқалган хабар юзасидан маълумот берган.
Эслатиб ўтамизки, кеча ижтимоий тармоқларда видеоёзув тарқалиб, унда фуқаро Тошкент шаҳри Шайхонтохур тумани ИИБ ходимининг ҳатти-ҳаракатидан норозилик билдирмоқда.
Бу ҳолатни ИИББ қуйидагича изоҳлаб берган.
“2021 йил 6 апрель куни Қашқадарё вилоятида туғилган 25 ёшли Темирали унга нисбатан келиб тушган шикоят бўйича Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Ички ишлар бўлимларидан бирига чақиртирилган. 38 ёшли Э.Ш. ўз аризасида икки йил олдин Темиралига 10.000.000 сўм миқдорида пул берганлигини, лекин у берган ваъдасини бажармасдан пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганлигини маълум қилган. Темирали пулларни қайтармагач, Э.Ш. унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ички ишлар органига мурожаат қилган”, -дея хабар бермоқда ҳуқуқ-тартибот идораси.
Ички ишлар органи томонидан унга нисбатан терговга қадар текширув олиб борилаётганлигини англаган Темирали ходимларни ноқонуний иш қилаётганликда, жабрланувчига ён босишда, шахсий манфаатдорликда айблаб, уларга тухмат қилиш йўли билан жавобгарликдан қутилмоқчи бўлган ва ходимларни унга тан жароҳати етказганликда айблай бошлаган.
Бироқ, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ходими лейтенант Aббос Мухаммадиев таҳдидлардан ўзини йўқотиб қўймаган ва дарҳол тез тиббий ёрдамни чақирган. Бўлимга етиб келган тез тиббий ёрдам шифокорлари Темиралида ҳеч қандай жароҳатлар йўқлигини таъкидлаб, тегишли маълумотнома беришган.
Шундан сўнг гумонланувчи вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида келган тиббиёт ходимлари билан баҳслашиб, хулосаларини ўзгартиришга мажбур қилмоқчи бўлган. Бу ҳам натижа бермагач, навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб гўёки ички ишлар органлари ходимлари ўз ваколатини суиистеъмол қилаётгани, уни ҳақорат қилаётгани ҳақида хабар берган.
“7 апрель куни Н.Темирали Ўз хавфсизлик бошқармаси Тошкент шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, ички ишлар органлари ходимига нисбатан чора кўришни сўраган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Н.Темиралининг мурожаати бўйича текширув ўтказилмоқда, текширув якуни бўйича аризачига белгиланган тартибда хабар берилади”, -дея якун қилмоқда ИИББ.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас