Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Илгари бир неча маротаба судланган рецидивист хонадонга ўғирликка кириб, 14 ёшли қизни ўлдирган. Энг ёмони - жиноятни у манзилли колонияда жазони ўташ вақтида содир этган. Бу ҳақда “Севимли” телеканали репортажига асосланган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Сирдарё вилояти суди Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманида туғилган ва 2018 йилдан буён босқинчилик учун жазони ўтаётган фуқаронинг аппеляция шикоятини кўриб чиққан.
Илгари 11 маротаба ўғирлик ва бошқа жиноятларни содир этган фуқаро манзилли колонияда жазони ўташ даврида қотилликка қўл урган. Жиноятчи Ховос туманидаги хусусий уйлардан бирига хуфёна кириб, ўғирлик қилаётган пайтида уни хонадон эгасининг 14 ёшли қизи кўриб қолган. Қилмишини яшириш ва жазодан қочиш учун эркак уни пичоқлаган.
Мазкур мудҳиш жиноят ўтган йилнинг ёзида содир бўлган. Эрта тонгда эркак уйга кириб олиб, қимматбаҳо буюмлар ва пулларни излай бошлаган. Шу пайтда уйда бўлган қиз жиноятчини кўриб қолган ва бу қотилликка сабаб бўлган. Бироқ, вахший эркак бу билан кифояланмаган.
Уйнинг бошқа хонасида хонадон эгасининг кекса онаси намоз ўқиётган бўлган. Жиноятчи унга пичоқ билан таҳдид қилиб, пуллар яширинган жойларни сўрай бошлаган. Пенсионер аёлни қўрқитиб, у пуллар ва қимматбаҳо буюмларни олган ва воқеа жойидан яширинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари жиноятчини машинасида олиб борган ҳайдовчини ҳам аниқлашган. Қолаверса, хавфли жиноятчининг манзилли колониядан кетиши ва қотилликни амалга оширишига имкон берган колониянинг 37 ёшли ходими ҳам қўлга олинган.
Натижада жиноятчи Жиноят кодексининг 37 моддаси “в” ва “и” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 164 моддаси 3 қисми “а”, “в”, “г” бандлари (босқинчилик), 169 моддаси 3 қисми “а”банди (ўғирлик) бўйича айбли деб топилиб, 23 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Иккинчи жиноятчи 13 йилга қамалган.
Изоҳлар мавжуд емас