Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судининг ижро варақаларига кўра, Бухоро муҳандислик-технология институтига (ҳозирда Бухоро давлат техника университети) нисбатан собиқ ходимни тьютор вазифасига ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун 139 миллион 423 минг 357 сўм иш ҳақи ва 6 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланган. Бироқ олийгоҳ буни тўлашни пайсалга солиб юрган.
Мазкур ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюросининг Бухоро шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиниб, дарҳол ижро ҳаракатларига киришилган. Ижро ҳаракатлари давомида собиқ ходим ижро ҳужжатида белгиланган тартибда Бухоро шаҳридаги университетга қайта ишга тикланган. Бироқ, унинг фойдасига иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ижроси муассаса маъмурияти томонидан пайсалга солиб келинган.
Шундан сўнг, бюро давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздор университетнинг банк ҳисоб рақами, мол-мулклари ва автотранспорт воситаларига тақиқ ўрнатилган. Бундан ташқари, ижро ҳаракатлари давомида автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилиниб, университетга тегишли бўлган 5 та автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Шундай мажбурий чоралар кўрилганидан кейингина қарздор университет раҳбарияти суд қарорини бажаришга мажбур бўлган ва ижро ҳужжатида белгиланган иш ҳақи ҳамда маънавий зарар пулларини ходимга тўлиқ тўлаб берган. Шу тариқа, мазкур ижро ҳужжати амалда тўлиқ тамомланган.

Изоҳлар мавжуд емас