Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди "Халқпарвар гуруҳи" махсус мухбири Элёрбек Тожибоевга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Журналист бир вақтнинг ўзида Жиноят кодексининг олтита моддаси билан айбдор деб топилди.
Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.
Суд мажлиси 20 январь куни бўлиб ўтди. Ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, суд Тожибоев бир қатор жиноятларни содир этганликда айбдор деган хулосага келди.
Хусусан, Жиноят кодексининг 139-моддаси ("туҳмат"), 140-моддаси ("жабрланувчининг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан ҳақорат қилиш"), 165-моддаси ("товламачилик"), 219-моддаси ("ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш"), 227-моддаси ("ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар ва давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш") ҳамда 244-6-моддаси ("ёлғон ахборот тарқатиш") билан айбланган.
Суд Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшиш тартиби) га асосланиб, Тожибоевга нисбатан илгари қўлланилган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилди. Унга тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Маълум бўлишича, 2021 йилда Effect.uz янгиликлар нашрида ишлаган Элёрбек Тожибоев жиноий жавобгарликка тортилган. У ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик ва суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун Жиноят кодексининг иккита моддаси билан айбдор деб топилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва жазони манзил-колонияда ўтаган.
Тожибоев 2024 йилда шартли равишда озодликка чиққач, "Халқпарвар гуруҳи"га махсус мухбир сифатида ишга кирган. Бироқ, 2025 йилда у яна ҳибсга олинди, шундан сўнг унга Жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича айблов эълон қилинди.

Изоҳлар мавжуд емас