Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Афғонистоннинг Фазилатни тарғиб қилиш ва бузуқликнинг олдини олиш вазири Холид Ҳанафий Ўзбекистоннинг диний сиёсати ва тарихий шаҳарлари ҳақида танқидий баёнот берди. Ўзбекистон томони эса мазкур масала юзасидан афғон томони билан мулоқот ўтказиб, вазиятга расмий ойдинлик киритди ва тарқалган баёнотлар расмий даражада тасдиқланмаганини билдирди.
Холид Ҳанафий 10 июль куни уламолар билан бўлган учрашувда Самарқанд, Бухоро ва Термиз шаҳарларида ислом динидан фақат ном қолганини даъво қилган. У, шунингдек, Ўзбекистонда диний масалалар уламолар эмас, балки дунёвий давлат тизими томонидан ҳал этилаётганини таъкидлаб, мамлакатни исломий меросдан узоқлашганликда айблаган.
Бир кун олдин Фазилатни тарғиб қилиш ва бузуқликнинг олдини олиш вазири Холид Ҳанафийнинг уламолар билан учрашувдаги чиқиши турли талқинларга сабаб бўлган. Бироқ, расмий Кобул ушбу сўзлар Ўзбекистонга нисбатан айтилмаганини ва тарқалган маълумотлар фактларни бузиш эканини расман билдирган.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Ўзбекистон "Толибон"нинг Марказий Осиёдаги энг яқин иқтисодий ва сиёсий ҳамкорларидан бирига айланган. Тарқалган маълумотларга кўра, ушбу баёнот Афғонистон расмий оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинмаган.
Ўзбекистон ва "Толибон" ўртасидаги алоқалар эса аввалгидек иқтисодий манфаатлар, жумладан, ўзаро савдо ва сармоявий шерикликка асосланган ҳолда ривожланишда давом этмоқда. Бугунги кунда Афғонистон Ўзбекистоннинг бешинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланиб, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айланмаси жорий йилнинг беш ойида 1 миллиард долларга яқинлашган.

Изоҳлар мавжуд емас