Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миграция агентлиги ва собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасидаги ҳуқуқий ворислик низоси сабаб 126 та ижро ҳужжати бўйича 13,6 миллиард сўмлик қарздорлик, жумладан, собиқ ходимларнинг ойлик маошлари ва компенсация тўловлари тўланмай қолмоқда. Бу ҳақид Batafsil.uz мухбирига МИБ матбуот котиби хабар берди.
Мажбурий ижро бюроси Олмазор туман бўлими иш юритувида бўлган ушбу ижро ҳужжатларининг 59 таси (13,3 миллиард сўм) фуқаролар фойдасига ундирилиши керак бўлган иш ҳақи, маънавий зарар ва компенсация тўловларига, 28 таси ходимларни ишга тиклашга ҳамда 39 таси (294 миллион сўм) давлат божига тааллуқлидир.
Билдирилишича, Президентнинг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сонли Фармонига мувофиқ, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилиб, унинг барча штат бирликлари, мол-мулки ва ҳуқуқий ворислик мажбуриятлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги янги Миграция агентлигига ўтказилган эди. "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуннинг 30-моддасида ишга тиклаш ва уч ойдан ошмаган иш ҳақини ундириш талаблари дарҳол ижро этилиши шартлиги белгиланган бўлса-да, янги Агентлик бу мажбуриятларни бажаришни кечиктириб келган.
Юзага келган вазиятда давлат ижрочиси қонунчиликнинг 12 ва 62-моддаларига асосланиб, 14 та ижро иши бўйича қарздор тарафни унинг ҳуқуқий вориси бўлмиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигига ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилган ва қарор нусхасини Агентлик масъул ходимига топширган. Бироқ янги Агентлик ушбу қарорлар устидан судга шикоят қилган.
Суд босқичларида дастлаб Тошкент туманлараро маъмурий суди давлат ижрочисининг қарорини ўз кучида қолдирган бўлса-да, Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2025 йил 9 сентябрдаги ажрими билан тарафни ҳуқуқий ворисга алмаштириш ҳақидаги қарорлар бекор қилинган. Ушбу ажримга нисбатан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан келтирилган протест ҳам шаҳар маъмурий судининг тафтиш инстанцияси томонидан 2025 йил 31 октябрда рад этилган.
Суд қарорлари ўртасидаги ушбу ҳуқуқий зиддият оқибатида миграция тизимидаги 13,6 миллиард сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси тўхтаб қолган. МИБ бўлими мазкур чигал вазиятни ҳал этиш ва кейинги ижро ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида 2026 йил 4 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига ижро усули ва тартибини тушунтириб бериш ҳақида мурожаат киритган.
Бюронинг билдирилишича, келгуси ҳаракатлар суднинг кўрсатмасига мувофиқ олиб борилади.

Изоҳлар мавжуд емас