Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилоятининг Поп туманидаги "Чодак" дам олиш маскани ҳудудидан оқиб ўтувчи сойда чўкиб кетган 23 ёшли йигитни қидириш ишлари давом этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса 28 май куни содир бўлган. Йигит қариндошлари билан дам олиш масканига келиб, сойда чўмилиш учун сувга тушган. Эҳтиётсизлик оқибатида у оқимга тушиб кетган ва сув юзасига қайта чиқмаган.
Ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қидирув ишларига туман Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарувчилари жалб қилинган. Айни вақтда сувга чўкиб кетган фуқарони топиш бўйича қидирув-қутқарув тадбирлари давом этмоқда.
Мазкур воқеа сув ҳавзалари ва дам олиш масканларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини яна бир бор кун тартибига олиб чиққан.

Изоҳлар мавжуд емас