Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Олимпик" футбол жамоасининг бир гуруҳ аъзолари ва мураббийлари ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) раҳбариятига видеомурожаат йўллади. Улар 2025 йилги мавсум давомида, хусусан, май ойидан бери иш ҳақи ва мукофот пуллари берилмаётганидан шикоят қилишмоқда.
Жамоа аъзолари 2025 йилнинг май ойидан буён, яъни қарийб олти ой давомида маош олишмаган. Футболчилар ва мураббийлар мазкур масалани ҳал этишда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) директори Диёр Имомхўжаевдан амалий ёрдам сўрашмоқда.
Видеомурожаатда дарвозабонлар мураббийи Маъмур Икромов, шунингдек, Самандар Жўрабеков, Яшнарбек Асадуллаев, Жаҳонгир Бўриев, Темур Тулиев, Дониёр Эркинов, Руслан Мангу, Абдураҳмон Даминов, Абдулворий Ашуров ва Амирхон Валиевлар иштирок этган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати мазкур видеомурожаат юзасидан тезкор расмий муносабат билдирган:
"Олимпик" клуби футболчилари ва мураббийларининг маоши билан боғлиқ масала Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўрганилмоқда. ЎФА футболчи ва мураббийларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайди ва уларнинг қонуний талаблари белгиланган тартибда кўриб чиқилади", - дейилган хабарда.
Ассоциация жараён якунлари бўйича яқин кунларда қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

Изоҳлар мавжуд емас