Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Таиланднинг Пхукет халқаро аэропортида мамлакатдан учиб кетаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси багаж текшируви пайтида юклари орасидан 26 килограммдан ортиқ марихуана ва каннабис маҳсулотлари топилгани сабабли божхона ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Аэропорт божхоначилари тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўтказган кўрик давомида бир нечта чамадонларга яширилган қуритилган каннабис гуллари, каннабис смоласи (наша кукуни/ёғи) ва қайта ишланган маҳсулотларни аниқлашган.
Маълум қилинишича, ушбу шахслар мазкур тақиқланган моддаларни тегишли божхона расмийлаштирувисиз Таиланд ҳудудидан олиб чиқиб кетишга уринишган. Қўлга олинган биринчи гумонланувчи, 26 ёшли фуқаронинг жами тўртта юкидан иккитаси шубҳали деб топилиб, кўздан кечирилганда, вакуумли пакетларга қадоқланган, умумий вазни 9,8 килограмм бўлган 30 та қуритилган каннабис гули пакети ҳамда 1,03 килограммлик 14 та қайта ишланган каннабис бўлаги топилган.
Худди шу ёшдаги иккинчи гумонланувчининг чамадонлари текширилганда эса, худди шундай 9,8 килограммлик 30 та каннабис гули пакети, 4,1 килограмм келадиган 8 халта каннабис смоласи ва умумий вазни 2 килограмм бўлган бир нечта қайта ишланган маҳсулотлар блоклари расмийлаштирилган.
Ҳозирда ҳар икки фуқарога нисбатан Таиланднинг 2017 йилдаги Бош божхона қонунчилигини бузган ҳолда товарларни қиролликдан ноқонуний олиб чиқишга уриниш, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги қонунчилик ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг назорат қилинадиган ўсимликлар ҳақидаги низоми талабларини бузиш айбловлари қўйилган.
Пхукет божхона департаменти мазкур шахсларни ва мусодара қилинган ашёларни кейинги қонуний чораларни кўриш учун "Саху" полиция маҳкамаси терговчиларига топширган бўлиб, амалдаги қонунчиликка кўра, Таиланддан каннабисни ноқонуний олиб чиқишга уриниш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади ва суд қарорига қараб, ҳар бир килограмм маҳсулот учун 30 минг бат жарима ёки узоқ муддатли қамоқ жазосини назарда тутади.

Изоҳлар мавжуд емас