Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентнинг "Пахтакор" ва Фарғонанинг "Нефтчи" клублари Осиё чемпионлар лигаси Элит лигаси босқичидаги рақибларини аниқлади. Қуръа натижасига кўра, Криштиану Роналду тўп сурадиган Саудия Арабистонининг "Ан-Наср" клуби "Пахтакор" меҳмони бўлади. Шу тариқа, португалиялик футболчининг Тошкентда расмий ўйинда майдонга тушиши мумкин.
Қуръа натижасига кўра, ҳар икки ўзбек клуби ҳам саккизтадан рақибга эга бўлди. Жамоалар уларнинг тўрттаси билан ўз майдонида, яна тўрттаси билан сафарда ўйнайди.
"Пахтакор" ўз майдонида "Эстегляль", "Ан-Наср", "Трактор" ва "Ал-Қодисия" клубларини қабул қилади. Сафарда эса "Ал-Аҳли", "Ал-Қува", "Ал-Ҳилол" ва "Ал-Иттиҳод"га қарши майдонга тушади.
"Нефтчи" ўз майдонида "Ал-Аҳли", "Ал-Қува", "Ал-Ҳилол" ва "Ал-Иттиҳод" билан ўйнайди. Фарғона клуби сафарда "Эстегляль", "Ан-Наср", "Трактор" ва "Ал-Қодисия" билан куч синашади.
"Нефтчи" Ўзбекистон чемпиони сифатида мусобақанинг асосий босқичига тўғридан-тўғри йўл олган. Ўтган мавсумда Суперлигада иккинчи ўринни эгаллаган ва Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган "Пахтакор" эса саралаш босқичи орқали лигавий босқичга чиққан. Тошкентликлар саралашда Иорданиянинг "Ал-Ҳусайн" клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этган.
Осиё чемпионлар лигаси Элит лигаси қитъанинг асосий клуб мусобақаси ҳисобланади. Ундан кейинги даражадаги Осиё чемпионлар лигаси 2 мусобақасида бу мавсумда Қаршининг "Насаф" клуби иштирок этади.
Элит лигасида иштирокчилар сони илк бор 32 тага етказилди. Жамоалар Ғарб ва Шарқ минтақаларига 16 тадан бўлинган. Ҳар бир клуб саккизтадан — тўртта уйда ва тўртта сафарда — ўйин ўтказади. Ҳар бир минтақадан энг яхши саккизта жамоа 1/8 финалга йўл олади.

Изоҳлар мавжуд емас